26 марта 2022 от Муаллиф: Саида ҚОРАБОЕВА (SAIDA AZIZ)
5 _ 6 қисмлар
***
Тонг. Икки кун узлуксиз ёққан ёмғирнинг ҳиди ҳали ердан кўтарилмаган. Намчил ҳаво. Лекин қуёшнинг кўриниш бериши инсон боласи қалбига шодлик улашади. Офтоб зиёси башариятга баравар нур таратади. Ҳашаматли ҳовлию, хароба кулбага ҳам бу нурлар бир хил тақсимланади. Офтоб нури ўхшатиш мумкин бўлса, худдики меҳрга ўхшайди. Бу меҳрга эса ёшу қари, бо-ю камбағал, соғлом-у носоғлом бирдек муштоқ. Айнан меҳрдан яйраб-яшнайди. Икки кунлик ёмғирдан сўнг кўриниш берган қуёш ҳам инсон қалбини меҳрдек иситиб юборганди.
Абдулҳамид ва Абдулазиз бомдод намозидан сўнг оналарига сездирмай кўчага чиқиб кетишди. Қуёш кўтарилиб, заминни ўз зиёси билан мунаввар этган лаҳзаларда икки ўғил қўлларида гулдасталар билан кириб келишди.
Бу вақтда Муаттар хоним умр йўлдошининг меҳридан сармаст бўлиб турганди. Ўз хоналарида Маҳмуд ҳожи аёлини таваллуд айёми билан қутлади.
- Сизни тақдиримга ёзган Роббимга чексиз ҳамдлар айтаман, Хоним. Сизни учратган кунимга минг шукр. ИншаАллоҳ Эгам иккимизни жаннатда ҳам бирга бўлишимизни насиб қилсин! – деганча жуфти ҳалолининг пешонасига лаб босди эр. Муаттар Хоним ял-ял ёниб турган атиргул мисоли турарди.
- Сизнинг ҳам борингизга шукр! Тақдиримдан миннатдорман, - деганча эрининг кўксига бош қўйди аёл. Мижжаларида ёш қалқиди. Тўрт мучал ёшини нишонлаётган Хоним ортида суянчи, бош қўядиган ҳақиқий елкаси борлигини ҳис қилиб яшади. Шу дақиқ фурсатларга жуфтининг эътибори, меҳри, лутфи туфайли эришди. Қаердадир ўқиганди: “Яхши умр йўлдош ҳам ризқ”. Аллоҳи Таоло умр йўлида ўзини мана шундай ҳамкор билан ризқлантиргани учун ҳар сонияда шукр айтади.
Оилада аёлга муносабатни Эркак киши шакллантиради. Агар у аёлига гўзал муносабат кўрсатолса, бошқа оила аъзолари ҳам шу тутумни олишади. Отасининг этиромини кўриб улғайган ўғиллар ҳам Муаттар хонимни шундай ардоқлашарди. Ҳожи ва Хоним бир-бирларини алқаб турган кезда дераза ойнаси чертилди.
Аёл дарҳол кўзларини артиб эрига қаради. Иккиси ҳам ўғилларнинг ишорасини тушунишди. Эшикни очиб, ташқарига чиқишди.
Абдулазиз оппоқ атиргуллардан катта гулдаста яссатирган. Ўртасида қизил ғунчалардан “Волидамга” деган ёзув турарди. Абдулҳамид эса ранг-баранг лолалардан гулдаста тайёрлатганди. Онаси гулларни яхши кўришини икки ўғил ҳам билишарди. Лекин ҳар ким ўз танлови билан гулдаста харид қилган. Қушнинг икки қаноти икки томондан унга парвоз завқини ҳадя этганидек, ўғиллар ҳам Муаттархонимнинг икки қаноти янглиғ ёнида туришарди. Иккиси икки томондан онани қучоқлашди. Таваллуд куни билан табриклашди. “Бахтимизга саломат бўлинг”, деб юз-кўзларидан, қўлларидан ўпишди.
Абдулазиз совғага деб бежирим қутини узатди. Абдулҳамид эса конвертни тутқазди. Маҳмуд ҳожи кулимсираб турган аёлига ҳазил қилгиси келди:
-Мана , Хоним, совғалар... муборак бўлсин. Мен бермасам ҳам бўлаверар экан... Қани, конверт ичида нима боракан, очингчи...
Онаизор қўлидаги гулдасталарни нарироқда кузатиб турган уй ёрдамчиси Шоҳидага тутқазди. Аввал тўнғич ўғилнинг ҳадясини кўрди. Волидасининг кумуш ёқтиришини билган Абдулазиз катта баргни эслатувчи кичкина тошчалари бор кумуш тўғноғични олганди. Бежирим туҳфа онаизорга жуда маъқул келди. Дарҳол кўйлагининг четига тақиб олди.
- Раҳмат, болажоним. Тупроқ олсанг, олтин бўлсин илойим.
Сўнг четлари ҳошияли катта конвертли очди. Ичида икки кишилик машҳур санъаткорнинг концертига чипта турарди. Абдулҳамид бошини қашлаб, кўзини ерга қадади.
- Раҳмат, болажоним. Тани жонинг саломат бўлсин.
- Маданий ҳордиқ чиқараркансиз, онаси, - деб қўшимча қилди ҳожи.
- Яхши қилибсан, жоним болам. Ўзим ҳам афишасини кўриб, бир кўнглимдан ўтказгандим. Анчадан буён энди концерт бериши...
Оила жамулжам бўлиб, нонушта қилишди. Кутилмаганда Абдулазизнинг телефони жиринглади. Опаси Фотима экан. Онасини қутлаш учун хориждан қўнғироқ қилаётганди. Абдулазиз телефонни онасига тутқазиб, ўзи кийимларини алмаштиргани ичкарига кириб кетди.
***
Профессор Абдуллаев яёв юришни ёқтирарди. Уйи ва университет ораси беш бекат. Атайин барвақт туриб, нонуштадан сўнг, ишга отланарди. Ўз хаёллари билан овора бўлиб келаётган ўқитувчини ҳеч ким аудиторияда жуда талабчан инсон эканлигига ишонмасди. Майда қадам ташлаб, атрофни кузатиб келишни ёқтирарди.
- Ассалому алайкум. Устоз, юринг бирга кетамиз – деди самимийлик билан. Профессор Абдуллаев унга кулиб қўйди. Паст овозда алик олди.
- Кетаверинг, мен яёв юришни яхши кўраман...
- Ҳаво салқинку... юринг... – машинага қайта ўтиришга иккиланди йигит. Қолаверса профессор унинг илмий раҳбари ҳам эди.
- Мана шу ҳаво менга ёқаяпти. Сиз бораверинг, дарсга кечикманг. Менинг биринчи парам йўқ бугун...
Ноилож қолган Абдулазиз “Майли, узр унда”, деганча машинани ҳайдаб кетди. Йигитнинг ортидан қараб қоларкан, Абдуллаев ўзининг ёшлигини эслади. “Худди шу йигитдек эдим бир вақтлар... Барака топгур, яхши бола. Ҳурматни ҳам, ўқишни ҳам жойига қўяди. Отасига раҳмат”,
Йўл четидаги сунъий майсаларга қараганча, бир муддат нафас ростлади. Бундан 30 йил илгари ўзи ҳам талаба эди. Лекин унда ҳеч нарса бўлмаганди. Вилоятнинг олис туманида келган йигит ётоқхонада яшарди. Ёлғизгина онасини ташлаб, шаҳарда ўқишга интилганди. Астойдил ўқиди, изланди. Профессорликни ёқлади ҳатто. Унинг шогирдлари хорижий компанияларда ишлашади. Кўплаб талабалари чет элда яшашади. У бир вақтлар ўзи истагандек “Профессор Абдуллаев” мақомига эришди. Лекин...
Гулҳиданинг ҳаяжони босилмасди. Илк марта катта саҳнага чиқиши. Илгари кичик саҳаналарда рақс ижро этганди, аммо таниқли қўшиқчининг концертида биринчи марта қатнашиши. Отаси бор вақтда у профессионал рақсда қатнашолмади. Отаси очиқчасига бўлмасада, аммо онаси орқали қаршилигини билдириб турарди. Бошқа соҳада ишлашига тўғри келди. Аммо шу соҳада ўқигани ва яхши кўргани учун воз кечолмасди. Отасининг вафотидан сўнг Гулҳида қандайдир тадбирда Жамила опа билан танишиб қолди. Қизнинг маҳоратини кўрган балетмейстер дарҳол ўз ансамблига таклиф қилди. Мана энди бир вақтлар қилинган орзуси амалга ошади. У ҳам катта саҳнада ўзи истагандек мазза қилиб рақс тушолади.
Концерт бошланишига яна бир соат вақт бор. Ҳар бир одам ўз иши билан банд. Биринчи кун бўлгани учун ҳамманинг кўнглида ҳаяжон ва хавотир бор. Парда ортида саҳнани кузатаркан, юрагида ширин орзиқишни ҳис қилди. Ёнига кимдир келиб турганини пайқамади ҳам.
- Ҳаяжонланяпсизми? – берилган саволдан ёнига ўгирилди қиз. Қўриқчи йигит кулимсираб турарди.
- Мен чин дилдан... сизга омад тилайман.
Чорасиз қолган Гулҳида шоколадни олди. “Раҳмат” деганча пардозхона томон югуриб кетди.
***
Концерт бошланди. Гулҳида якка рақсга берилиб, завқ билан рақсга тушди. Қўшиқчининг янги таронаси томошабинларга маъқул келди, чоғи роса қарсак чалинди. Дилзодахон “Бу қарсаклар сизга”, деб раққосага лутф кўрсатганда қизнинг қувончдан кўзлари ёшланди. Қарсак чалаётганлар орасида Муаттархоним ҳам бор эди.
Мактаб давридаги барча тадбирлар Муаттарнинг рақси билан янада жонланарди. Рақсдаги ҳар бир ҳаракатни такрорлаш учун у соатлаб кўзгу олдида турарди. Рақс шунчаки ўйин эмас эди қиз учун. Ҳозир ҳам рақс шунчаки ўйин эмас. Гарчи ўзи рақсга тушмасада, аммо рақсга санъат сифатида баҳо берарди аёл. Гулҳиданинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб турди. Ҳақиқатан рақс қўшиққа мос тарзда ижро этилганди. Аслида ҳар бир рақс маълум билан психологик ҳолатни ўзида ифодалайди. Дейлик, “Тановор”да аёлнинг руҳий кечинмалари, ҳолати, гармонияси акс этади. Бу ҳаракатлар ёрдамида амалга ошириладиган нозик санъат тури. Уни ўйинчилик билан алмаштириш керак эмас. Муаттар хоним шундай фикрлар асосида Гулҳиданинг рақсларини кузатарди.
***
(Давоми бор)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев