МЕНИ ЯХШИ КЎРГАН ОДАМЛАР!
Майли ёмғир, майли қор бўлсин,
Сиз томонга чорлар қадамлар.
Қайда бўлсин, фақат бор бўлсин,
Мени яхши кўрган одамлар!
Сиз борсизки кичик, йирикман,
Сиз борсизки билинмас камлар.
Ахир сиз туфайли тирикман,
Мени яхши кўрган одамлар!
Кўрдим қанча қайғую базм,
Қолдими мен кўрмаган дамлар!
Бугун сизга қиламан таъзим,
Мени яхши кўрган одамлар!
Ана дунё - ким ор, ким беор,
Кимдир кимга сўрар аламлар.
Сиз борсизки Худо менга ёр,
Мени яхши кўрган одамлар!
Майли кенгдир, майли тор бўлсин,
Сиз туфайли кўринмас ғамлар.
Қайда бўлсин, Худо ёр бўлсин,
Мени яхши кўрган одамлар!
МЕНИ ЯХШИ КЎРГАН ОДАМЛАР!
#новости